Qashqadaryo viloyat bolalar ko'p tarmoqli tibbiyot markazi
Bizning manzil
Qarshi sh, Otchopar MFY
Ishonch telefoni
+998 (91) 536 - 75 - 46
Email manzil
support@qvbkttm.uz
Ish vaqti
Du - Juma: 8:00 - 18:00

“Тез ёрдам”га 2020 давомида 3 миллиондан ортиқ шошилинч бўлмаган мурожаатлар келиб тушган

Кутилмаганда рўй берадиган бахтсиз ҳодисалар, фавқулодда ҳолатлар пайтида ёки касалликлар ҳуруж қилганда ҳар қандай инсон тез тиббий ёрдамга муҳтож бўлади. Мамлакатимизда бу йўналишда шаклланган замонавий тиббий ёрдам тизими халқимизга тезкор ва малакали тиббий хизмат кўрсатишда муҳим омил бўлмоқда. Кейинги йилларда ушбу тизимнинг моддий-техник базаси такомиллашмоқда.

Шошилинч ва тез тиббий ёрдамнинг тезкорлиги, сифат ва самарадорлигини оширишга йўналтирилган ишлар ўз самарасини бермоқда. Бироқ, давлатимиз томонидан яратилаётган замонавий шароитларга қарамай, соҳада ҳали қатор ўйлантирадиган масалалар ҳам йўқ эмас. Масалан, баъзи ҳолларда чақириқ жойига “тез ёрдам”нинг кечикиб бориши ана шундай масалалардан биридир.

Жумладан, 2020 йил давомида умумий мурожаатларнинг 2,5 фоиз ҳолатларда чақириққа кечикиб келиш ҳолатлари юз берган. Тўғри, бу фоиз ўтган йиллардаги бу борадаги кўрсаткичларда анча паст. Аммо шу ўринда, хўш, “103” хизмати ходимлар ва ихтисослашган автотранспорт воситалари билан тўлиқ таъминланган бўлса, унда нега баъзи ҳолларда “тез ёрдам” кечикади, деган ҳақли савол туғилиши табиий.

Мутахассисларнинг фикрича, бунга бир томондан мурожаатлар сони кўплиги бўлса, иккинчи томондан аксарият ҳолатларда йўлларда “тез ёрдам” машинасига йўл берилмаслик, асоссиз ва ёлғон чақириқлар билан боғлиқ ҳолатлар сабаб бўлмоқда. Биргина 2020 давомида ушбу хизматга 3 миллиондан ортиқ шошилинч бўлмаган ҳолатлардаги мурожаатлар келиб тушган.

Тараққий этган хорижий давлатларда йўлларда “тез ёрдам” машиналари учун алоҳида йўлаклар барпо этилган. Бу йўллар доимо очиқ туради. Шу билан бирга, “тез ёрдам”га йўл бўшатиб бериш бўйича ҳайдовчиларда шахсий масъулият жуда юқори.

Мамлакатимизда кейинги йилларда бунёдкорлик ишлари жараёнида бу масалаларга алоҳида эътибор қаратилаётгани қувонарли ҳол, албатта. Аммо қилиниши керак бўлган ишлар ҳам талайгина. Чунки, йўлларимизда “тез ёрдам” машинасига йўл бермаслик ҳолатлари ҳали ҳам тез-тез учрамоқда. Қачонки, машина чақирув сигналини ёқсагина, йўл бўшатилиши мумкин.

Афсуски, чақирув сигналига парво қилмайдиганлар ҳам йўқ эмас. Ҳолбуки, бу ҳаётда ҳеч бир инсон тасодифий бахтсиз ҳодисалардан, соғлиғи билан боғлиқ муаммо юз беришидан кафолатланмаган.

Шундай экан, ўзининг ва ўзгаларнинг соғлиғи учун ҳамиша эътиборли ва масъулиятли бўлиш инсонийликнинг муҳим қоидасидир.