Qashqadaryo viloyat bolalar ko'p tarmoqli tibbiyot markazi
Bizning manzil
Qarshi sh, Otchopar MFY
Ishonch telefoni
+998 (91) 536 - 75 - 46
Email manzil
support@qvbkttm.uz
Ish vaqti
Du - Juma: 8:00 - 18:00

ТАНАДАГИ ОҒРИҚЛАР РУҲИЯТДАГИ ШИКАСТЛАНИШЛАР БИЛАН БОҒЛИҚ(МИ?)

Киши саломатлигидаги ўзгаришларга ғам-ташвишлар, хафагарчилик, аламзадалик, қўрқув каби психологик омиллар сабаб бўлиши мумкин. Ушбу ҳолат, яъни психосоматика тўғрисидаги ССВ Матбуот хизмати саволларига «Асаб ва руҳият» тиббий-психологик ёрдам маркази директори, профессор Зарифбой Ибодуллаев жавоб беришда давом этади (2-қисм).

— Танадаги оғриқлар ҳам психологияга боғлиқ дейишади, шу тўғрими?

— Инсон танаси нафақат ташқи, балки ички омилларга ҳам ўта таъсирчан мураккаб механизмдир. Психосоматика нуқтаи назаридан ёндашилса, танамиздаги оғриқлар ўз-ўзидан келиб чиқмайди. Бунга инсонинг ҳиссиётлари ҳам таъсир қилиши мумкин.

Масалан сурункали бош оғриғи кучли зўриқиш, асабийлик, ҳар нарсага қийинчилик билан эришиш, шошқалоқлик, натижадан қониқмаслик ҳиссиётлари сабаб пайдо бўлади. Атрофдагиларга нисбатан аламзадалик, кимнидир кечира олмаслик юки сабаб эса бўйин соҳасида оғриқ бўлиши мумкин. Елка оғирлашиши, бел оғриғи, тизза қотиб қолиши, ҳатто, ангина, аллергия каби хасталикларнинг келиб чиқиши ҳам инсон психологиясига боғланади.

Хусусан, ўзини ёлғиз сезиш, меҳр-эътиборга ташналик, ўз “мен”ига ҳаддан ташқари ишониш, иккиланиш, ўзига нисбатан ишончсизлик каби ҳислар ва ҳолатлар танада юқоридаги оғриқлар пайдо бўлишига сабаб бўлади.

— Қандай ҳислар инсон саломатлигига салбий таъсир қилади?

— Психосоматика назарияси негизини қуйидаги ҳиссиётлар ташкил этади, булар:
– ғазаб;
– қўрқув;
– хафа бўлиш;
– қизиқиш;
– хурсандчилик.

Дастлабки учтаси киши саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Асабийлашганда, бирор кимдан ранжиганда, кучли қўрқувни сезганда юрак соҳасида сиқилиш, нафас етишмаслиги ҳолатлари кузатилади. Бу ҳам сўзимизни исботлайди.

— Психосоматика ёрдамида ҳар қандай касалликни аниқлаш ва даволаш мумкинми?

— Ҳа, қачонки хасталикка аниқ ташхис қўйилса ва физиологик муолажа давомида руҳиятни соғломлаштиришга ҳам эътибор қилинсагина натижага эришса бўлади.

Бу иш билан одатда, тиббий психолог, психоневролог мутахассислар шуғулланишади. Муаммони аниқлаш учун махсус сеанслар ўтказилади. Онгостига яширинган ҳолатлар ўрганилади. Бемор ўз муаммосини тан олса ва уни қабул қилсагина, мутахассис ёрдамида муолажа давом эттирилади. Руҳиятни тетиклаштириш умуман барча касалликларни даволашда ижобий самара беради.